ЎзР ФУҚАРОЛИК КОДЕКСИдан

Бош сахифа / Лизинг бу нима? / Қонунчилик / ЎзР ФУҚАРОЛИК КОДЕКСИдан

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ФУҚАРОЛИК КОДЕКСИдан

 

6-§. ЛИЗИНГ

587-модда. Лизинг шартномаси

Лизинг шартномаси бўйича лизинг берувчи (ижарага берувчи) бир тараф лизинг олувчи (ижарага олувчи) иккинчи тарафнинг топшириғига биноан сотувчи учинчи тараф билан ундан лизинг олувчи учун мол-мулк сотиб олиш ҳақида келишиш мажбуриятини олади, лизинг олувчи эса бунинг учун лизинг берувчига лизинг тўловларини тўлаш мажбуриятини олади.

588-модда. Лизинг объекти

Истеъмол қилинмайдиган, тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланиладиган ҳар қандай ашёлар лизинг объекти бўлиши мумкин, ер участкалари ва бошқа табиат объектлари бундан мустасно.

589-модда. Лизинг субъектлари

Келажакда лизинг олувчига лизинг бўйича топшириш мақсадида мол-мулкни ўзига мулк қилиб олувчи шахс лизинг берувчи деб тан олинади.

Эгалик қилиш ва фойдаланиш учун лизинг объектини оладиган шахс лизинг олувчи деб ҳисобланади.

Лизинг берувчи лизинг объектини кимдан олаётган бўлса, шу шахс сотувчи деб эътироф этилади.

Лизинг берувчи мол-мулкни бўлажак фойдаланувчидан сотиб олган тақдирда ёхуд лизинг берувчи келажакда мол-мулкни сотувчига лизинг бўйича топшириш учун ундан шу мол-мулкни сотиб олиш мақсадида уни маблағ билан таъминлаган тақдирда бир шахснинг ўзи ҳам лизинг олувчи, ҳам сотувчи бўлишига йўл қўйилади.

590-модда. Лизинг тўлови

Лизинг тўлови лизинг берувчига лизинг объекти қийматининг лизинг олувчи томонидан қопланишидан, шунингдек лизинг берувчининг фоизли даромадидан иборат бўлади.

591-модда. Мол-мулкни лизингга топшириш тўғрисида сотувчини хабардор қилиш

Лизинг берувчи лизинг олувчи учун мол-мулк сотиб олаётганда мол-мулк муайян шахсга лизингга беришга мўлжалланганлигини сотувчига билдириши шарт.

592-модда. Лизинг шартномаси нарсасини лизинг олувчига топшириш

Агар лизинг шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ушбу шартнома объекти бўлган мол-мулк сотувчи томонидан бевосита лизинг олувчига у турган жойда топширилади.

Агар лизинг шартномасининг нарсаси бўлган мол-мулк шу шартномада кўрсатилган муддатда, башарти шартномада бундай муддат кўрсатилмаган бўлса, оқилона муддатда лизинг олувчига топширилмаган бўлса, лизинг берувчи жавобгар бўладиган ҳолатлар туфайли муддат ўтказиб юборилган тақдирда, лизинг олувчи шартномани бекор қилишни ва зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли.

593-модда. Мол-мулкнинг тасодифан нобуд бўлиши ёки тасодифан бузилиши хавфининг лизинг олувчига ўтиши

Лизинг бўйича ижарага олинган мол-мулкнинг тасодифан нобуд бўлиши ёки тасодифан бузилиши хавфи, агар лизинг шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, лизинг олувчига бу мол-мулкни топшириш пайтида ўтади.

594-модда. Лизинг берувчининг мажбурияти ва жавобгарлиги

Лизинг берувчи лизинг объектини лизинг олувчига шартнома шартларига жавоб берадиган ҳолатда ва унда келишилган муддатда топшириши шарт.

Агар лизинг берувчининг айбли ҳаракатлари ёки йўл қўйган камчиликлари туфайли мол-мулк етказиб берилмаган, тўлиқ етказиб берилмаган, муддати кечиктириб етказиб берилган ёки тегишли даражада сифатли бўлмаган мол-мулк етказиб берилган бўлса, бунинг учун у лизинг олувчи олдида жавобгардир.

595-модда. Лизинг олувчининг ҳуқуқлари

Мол-мулк етказиб берилмаган, тўлиқ етказиб берилмаган, муддати кечиктириб етказиб берилган ёки унинг сифати тегишли даражада бўлмаган тақдирда, лизинг олувчи, агар шартномада бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса:

лизинг тўловларини тўхтатиб туриш;

етказиб берилаётган мол-мулкни рад этиш ва лизинг шартномасини бекор қилишни талаб қилишга ҳақли.

Лизинг шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган тақдирда лизинг олувчи илгари бўнак сифатида тўлаган пулларини, лизинг объектидан фойдаланишдан олган фойданинг қийматини чегириб ташлаб, ўзига қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли.

Лизинг шартномасининг муддати тугагач, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, лизинг объекти лизинг олувчининг мулки бўлиб қолади.

596-модда. Қўшимча лизинг

Лизинг олувчи лизинг берувчи олдида шартнома юзасидан жавобгар бўлиб қолгани ҳолда, лизинг шартномаси бўйича олган мол-мулкини лизинг берувчининг розилиги билан қўшимча лизингга топширишга ҳақли.

597-модда. Лизинг олувчининг мажбурияти ва жавобгарлиги

Агар лизинг шартномасида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, лизинг олувчи лизинг тўловларини ўз вақтида тўлаши, мол-мулкдан уни етказиб бериш шартларига мувофиқ фойдаланиши, уни соз ҳолда сақлаши, ўз ҳисобидан жорий таъмирлаш ишларини бажариши, сақлаш бўйича бошқа харажатларни амалга ошириши шарт.

Лизинг шартномаси бекор қилинганида лизинг олувчи мол-мулкни лизинг берувчидан олган ҳолатида унинг нормал эскиришини ва тарафларнинг келишувида шартлашилган ўзгаришларни ҳисобга олиб, қайтариб беришга мажбур.

Лизинг олувчи лизинг тўловларини тўлаш мажбуриятларини бажармаган тақдирда, лизинг берувчи ўзига тегиши керак бўлган тўловларни фоизи билан олиши мумкин.

Лизинг олувчи ўз мажбуриятларини жиддий равишда бузган тақдирда, агар лизинг шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, лизинг берувчи бўлажак лизинг тўловларини тезлаштиришни ёки лизинг объектини қайтариб олган ва зарарни ундирган ҳолда шартномани бекор қилишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

598-модда. Сотувчининг жавобгарлиги

Лизинг олувчи лизинг шартномасининг нарсаси бўлган мол-мулкни сотувчига сотувчи билан лизинг берувчи ўртасида тузилган олди-сотди шартномасидан келиб чиқадиган талабларни, хусусан мол-мулкнинг сифати ва бутлиги, уни етказиб бериш муддатлари ҳақидаги талабларни ва шартнома сотувчи томонидан зарур даражада бажарилмаётган бошқа ҳоллардан келиб чиқадиган талабларни қўйишга ҳақли. Бунда лизинг олувчи, мазкур мол-мулкнинг олди-сотди шартномасидаги тарафлардан бири бўлгани каби, ушбу Кодексда сотиб олувчи учун назарда тутилган ҳуқуқларга эга бўлади ва мажбуриятларни ўз зиммасига олади (сотиб олинган мол-мулк ҳақини тўлаш мажбурияти бундан мустасно). Бироқ лизинг олувчи сотувчи билан олди-сотди шартномасини лизинг берувчининг розилигисиз бекор қила олмайди.

Сотувчи билан бўладиган муносабатларда лизинг олувчи ва лизинг берувчи солидар кредиторлар бўладилар.

Агар лизинг шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, лизинг берувчи олди-сотди шартномасидан келиб чиқадиган талабларнинг сотувчи томонидан бажарилиши учун лизинг олувчи олдида жавобгар бўлмайди, сотувчи танлаш бўйича жавобгарлик лизинг берувчининг зиммасида бўлган ҳоллар бундан мустасно. Сотувчини лизинг берувчи танлаган тақдирда, лизинг олувчи олди-сотди шартномасидан келиб чиқадиган талабларни ўз хоҳишига қараб, солидар жавобгар бўлган мол-мулк сотувчи олдига ҳам, лизинг берувчи олдига ҳам қўйишга ҳақли.

599-модда. Лизинг объекти бошқа мулкдорга ўтганида лизинг шартномасининг

ўз кучида қолиши

Лизинг бўйича топширилган мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи лизинг берувчидан бошқа шахсга ўтганида лизинг шартномаси янги мулкдор учун ўз кучини сақлаб қолади.

Хат ёзиш
Телефонда алокага чикиш